Туркиядаги ўзбеклар
Туркияда
таниқли ўзбек журналисти, ҳуқуқшунос ва адиб Бахтиёр Шоҳназаровнинг
“Türkiye’deki Özbekler. Gerçek Yaşam Öyküleri” (“Туркиядаги ўзбеклар.
Ҳаётий воқеалар”) номли китоби нашр этилди. Ушбу китоб икки қисмдан
иборат бўлиб, 1 қисмда совет тузуми, колхозлаштириш ва миграция
жараёнлари ҳақида ҳикоя қилинган. 2 қисмда эса давлат вазири ва
парламент депутатидан санъаткоргача , нафақахўрдан деҳқонгача,
ҳунарманддан талабагача, мухолифат лидеридан докторгача ва бошқа турли
касб эгалари бўлган Туркиядаги ўзбеклар билан суҳбатлар ўрин олган.
Биз муаллиф Бахтиёр Шоҳназаровга мурожаат қилиб, китобда асосан кимлар ҳақида ҳикоя қилингани ва унинг мазмун-мундарижаси ҳақида сўрадик.
Юсуф Расул: -Китобингизда Туркияда яшаётган ўзбеклардан кимлар ҳақида ҳикоя қилинган?
Бахтиёр Шоҳназаров: - Мен шу йил бошидан бери Туркия ҳудудига сўнгги
юз йил мобайнида кўчиб келган ўзбеклар билан суҳбатлашдим. Улар Измир,
Истанбул, Маниса, Адана, Ўсмония шаҳарларида ва Хатай вилоятининг
Ўвакент қишлоғида яшашади. Улар асосан Афғонистон, Саудия Арабистони ва
Олмония каби давлатлардан кўчиб келишган.
Туркияга ХХ асрдан бошлаб кўчиб келганларни шартли равишда бешга бўлиш мумкин:
1) Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонийлар империясига тегишли
бўлган Макка ва Мадина шаҳарлари империядан ажралаб чиққач, ўша
жойлардан Туркияга кўчиб келган ўзбеклар;
2) Иккинчи жаҳон уруши тамом бўлгандан кейин олмон армиясидаги
Туркистонлилар легионида хизмат қилганлиги сабабли ўз ватанига қайта
олмасдан, 1949 йилда Туркиядан бошпана топган ўзбеклар. Улар Совет
иттифоқи ҳукумати томонидан ватан хоини деб эълон қилинган;
3) 1952 йилда Афғонистондан Туркияга ўз имконлари билан кўчиб келган 79 оила аъзолари:
4) Совет қўшинлари Афғонистонни ишғол қилгач, Покистондан бошпана
топган ўзбекларнинг бир қисми. Улар 1982 йили Туркия ҳукуматининг ёрдам
дастури асосида мамлакатга кўчириб келтирилган ва уй-жой ва ер билан
таъминланган тўрт мингга яқин ўзбек;
5) Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин турли сабаблар билан Туркияга ўрнашиб қолган ўзбеклар.
Китоб икки бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда совет тузимининг
хусусиятлари, Ўзбекистон ҳақидаги умумий маълумотлар, мамлакатимиздаги
миграция жараёнлари ва Истанбулдаги ўзбек такиялари ҳақида ҳикоя
қилинади. Миллатдошларимиз билан қилинган суҳбатлар эса иккинчи
бўлимдан жой олган. Бу бўлимда, шунингдек, Туркиядаги Ўзбек номидаги
қишлоқлар ҳақида маълумотлар берилган, булардан биридан тайёрланган
репортаж ўрин олган. Менинг ёритилаётган мавзулар билан боғлиқ
хотираларим ва шахсий фикрларимга ҳам жой ажратилган.
Менинг суҳбатдошларим турли касб эгалари бўлган кишилардир. Улар
орасида собиқ давлат вазири Абдулаҳад Андижон, собиқ парламент депутати
Ўрхон Қовунчи, Истанбулдаги Туркистонлилар жамиятининг собиқ раиси
Хоқон Демир, асарлари асосида Ўзбекистон телевидениеси томонидан бешта
видеофильм суратга олинган Собир Сайхон, қўрбошилар Шерматбек ва
Нурматбеклар билан бирга яшаган юз ёшли Абдулҳамид Кўчар, Аҳмад
Яссавийнинг наслидан келган доктор Эмин ва Муқаддам Мингдонлар, заргар
Шавкат Ойнурол, катта дошқозонларда палов пиширувчи Турдиали
Наманганий, Афғонистонда туғилиб, Саудия Арабистонида ишлаган ва
Туркияда яшаётганига қарамай, Ўзбекистонни ҳам ўз ватани деб
ҳисоблайдиган Абудраҳмон Бобур, Америкада ишлаб бойлик орттирган
Абдулла Қуёш, ватанига қайтолмаган собиқ ўзбек талаба, қўшиқчи Шоҳсанам
Қиличева каби кўплаб кишилар бор.
Ю. Р.-Китоб нега турк тилида ёзилиб Туркияда нашр этилди? Ўзбекистонда чоп этишнинг имкони йўқмиди?
Б.Ш. - Китобни турк тилида ёзишдан мақсадим, бу ерда яшаётган
ўзбекларнинг тобора йўқолиб кетаётган маданияти, тили ва урф-одатларини
сақлашга мамлакатдаги тегишли органлар ва кенг жамоатчиликнинг
диққатини жалб қилишдан иборат эди. Шунингдек, ўзбекларнинг ўзлари ҳам
“олма пиш - оғзимга туш” деб Ўзбекистондан бу борада мадад кутиб
ўтиравермасдан, ўзлари ҳам ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидладим.
Афсуски, қилинган суҳбатлардан кейин Ўзбекистон ҳукуматининг хорижда
яшаётган миллатдошларига нисбатан эътибори йўқ дейдиган даражада
эканлиги маълум бўлди. Улар, ҳатто, Ўзбекистонга бориб келиш учун виза
берилмаётгани ҳолатлари мавжуд эканки, буни қандай изоҳлашни билмайман.
Китобни Ўзбекистонда нашр қилиш имкони, афсуски, ҳозирча менда мавжуд
эмас. Бунинг учун анчагина маблағ зарур бўлади. Бундан ташқари, у
ердаги шароитларда китобнинг ярми “қайчиланиб” ташланади.
Насиб экан, илк китобим Туркияда турк тилида нашр этилди. 2004 йилда
ўзбек тилида ёзган “Ўқимасанг - ўзингга зарар” номли китобимни бир
обрўли газетанинг бош муҳаррири ўзининг босмахонасида чиқариб беришни
ваъда қилганди. Аммо, ваъдасининг устидан чиқмади. Шунга қарамай,
китобнинг компьютерига кўчириб олган матнидан ўз ишлари учун
фойдаланаяпти.
Ю.Р. –Китоб ҳомийлари ким? Нашр адади қанча?
Б.Ш. - Китобни нашр қилишда аввалига турк танишларим моддий ёрдам
кўрсатганини алоҳида таъкидлашим керак. Кейинчалик бир қанча ўзбеклар
баҳоли-қудрат ёрдам қилишди. Туркистон тадқиқотлари жамғармаси ҳам ўз
улушини қўшди. Қилинган уринишлар охир-оқибат ўз самарасини берди.
Китоб минг нусхада олий сифатли қоғозга босилди. Жами 370 саҳифадан
иборат, бунинг 32 саҳифаси рангли расмлардан ташкил топган иловадир.
Ўзбеклар ҳақида китоб ёзган туркияликлар айтишича, ёзилган китобларни
сотиш жуда катта муаммо экан. Кўпчилик ўзбеклар ўзлари ҳақида ёзилган
китобларни сотиб олмаса бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин? Бундай
бўлишига сабаб сифатида яна Ўзбекистоннинг чет элларда яшаётган
миллатдошларига нисбатан муносабатини кўрсатишга тўғри келади. Айниқса,
афғонистонлик ўзбекларнинг аксарияти ўзларининг тарихий ватанидан
умидини узиб қўйишган.
Ю.Р. –Туркиядаги ўзбеклар хориждаги бошқа ўзбеклардан қандай жиҳатлари билан ажралиб туришар экан, китобни ёзиш жараёнида шунга эътибор бердингизми?
Б.Ш. - Катта шаҳарларда яшаётган ўзбеклар кўпроқ маҳаллий маданиятга
мослашишган. Шунга қарамай, Истанбулли ўзбеклар ҳар ойда бир марта
гап-гаштакка йиғилишар экан. Мен бир хонадонда ўтказилган гапга
қатнашиш имконига эга бўлдим. Ўттиздан ортиқ ҳамшаҳарлар йиғилишди.
Шуни таъкидлаш зарурки, ўзбеклар Ўрта Осиёлик кишиларни - қозоқми,
қирғизми, туркманми, тожикми - ким бўлишидан қатъий назар,
“туркистонлилар” ёки “ҳамшаҳарлар” дейишади. Бир кун келиб Туркистон
яна бирлашади, деган ғояга ҳалигача ишонч бор.
Туркиянинг Сурия чегарасига қирқ километр масофадаги Ўвакент қишлоғида
беш минг ўзбек яшашини Ўзбекистонда ким билар эди? Менинг ўзим бу ҳақда
шу йил март ойида эшитдим ва қишлоққа бориб, у ердаги айрим кишилар
билан гаплашдим. Биз учун ёзилган дастурхонда нон, сомса, қатламани
кўриб, оғзим очилиб қолди. Тўйда катта дошқозонларда палов
пиширилаётганини кўрдим. Суҳбатдошларим соф ўзбек тилида гаплашишидан
хайратга тушдим. Афғонистоннинг жанубидаги Қандаҳор вилоятида ҳам
кўплаб ўзбек миллатига мансублар ўз она тилини йўқотмасдан яшаётгани
ҳақида маълумот олдим.
Афсуски, Ўвакент қишлоғидан ташқари, бошқа шаҳарлардаги ёш ўзбеклар ўз
она тилини унутиб бўлган. Тўйларда ёр-ёр ҳам айтилмайди, оналар
фарзадларига ўзбекча алла ҳам айтишмайди. Ўзбекистон телевидениеси турк
сунъий йўлдошидан ҳам кўрсатувларини намойиш қилганда эди, бундай
салбий ҳолатларнинг олди олинган бўлур эди.
Ю.Р. –Туркиядаги ўзбекларнинг Ўзбекистон билан алоқалари қай даражада? Борди –келдилар борми? Нега кўпчилик ўзбеклар ўз она-Ватанларига қайта олишмаяпти?
Б.Ш. - Туркиялик ўзбекларнинг энг катта муаммоларидан бири Ўзбекистонга бориш учун виза мавжудлигидадир. Бу масала китобда кенг ёритилган. Бундан бир йил олдин Туркия Ўзбекистон фуқароларига нисбатан визани бекор қилди. Ўзбекистонликлар бемалол Туркияга келиб кетишмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатлар чет элларда яшаётган миллатдошларига иккита давлат фуқароси бўлиш ҳуқуқини берган. Ўзбекистон эса бу масалага ёндашмаётгани сабабли, туркиялик ўзбеклар ўзларини, таъбир жоиз бўлса, ўгай фарзанд каби ҳис қилишмоқда. Улар “Агар виза бекор қилинса, биз ватанимизга бориб хоҳлаганча яшаш имконига эга бўламиз, болаларимизни ҳам олиб борамиз, тилимиз ва маданиятимизни сақлаб қоламиз, акс ҳолда ўн-ўн беш йилдан кейин Туркияда ўзбек тили бутунлай йўқ бўлиб кетади”, дейишмоқда.
Ю.Р. -Китобни ўзбек тилига ўгириш ниятингиз борми?
Б.Ш. - Ҳа, келажакда ўзбек ва рус, ҳатто инглиз тилларига таржима қилиш ниятидаман.
Ю.Р. - Китобни қандай қилиб сотиб олиш мумкин?
Б.Ш. -Китоб сотиб олишни хоҳлаганлар буюртма орқали олишлари мумкин. Битта китоб нархи 12 АҚШ долларига тенг. Бундан ташқари, чет элга юбориш учун почта харажати ҳам 12 долларни ташкил қилади. Мана шу харажатларни кўтариш имконига эга бўлган кишилар bahti63@gmail.com адресига мурожаат қилиб, пул ўтказиш бўйича тегишли маълумотларни олишлари мумкин. Уч ва ундан ортиқ китобга буюртма берганларга нархлар янада арзон бўлишига эътиборингизни жалб қилмоқчиман.
Ю.Р. –Суҳбат ва маълумотлар учун ташаккур! Ишонаманки бу эзгу ишларингиз ҳали давом этади, балки бундан кейин дунёнинг бошқа мамлакатларидаги ўзбеклар ҳақида ҳам маълумотлар тўплаш ва балки хориждаги ўзбекларнинг ўз интернет саҳифаларини ташкил этиш имконияти пайдо бўлар?
Б.Ш. Раҳмат. Туркиядаги ўзбекларнинг интернет саҳифалари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда яна қўшимча маълумот берамиз.
Суҳбатдош: Юсуф Расул, Швеция.